Чоп этиш версияси     Юклаб олиш (pdf)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ 5395-СОН ФАРМОНИ

АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИСЛОҲОТЛАРНИ ҲУҚУҚИЙ ТАЪМИНЛАШ ФАОЛИЯТИНИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

(ҚҲММБ, 04.04.2018 й., 06/18/5395/1003-сон)

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мувофиқлаштирилган ва келишилган фаолиятини таъминлаш мамлакатимизни ривожлантиришнинг бугунги босқичида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш шароитларида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу билан бирга, давлат органлари айрим раҳбарлари томонидан бошқарувга оид қарорлар қабул қилишда масъулиятни зиммасига олмаслик ёки ваколат доирасидан ташқарига чиқувчи, кўпинча амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларига зид қарорлар қабул қилиш ҳолатларининг сақланиб қолиши кўзланган ислоҳотларнинг тўлиқ амалга оширилишига тўсқинлик қилмоқда.

Юзага келган ҳолат ишониб топширилган соҳада аниқ натижаларга эришиш учун вазифалар, ваколатлар ва жавобгарликни аниқ белгилаш, бошқарувга оид қарорларни қабул қилишда давлат органларининг тўлиқ мустақиллигини таъминлаш, шунингдек, юқори турувчи тузилмаларнинг маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига асоссиз аралашувига чек қўйиш заруратини тақозо этади.

Ҳуқуқий тартибга солишнинг тизимлилиги ва барқарорлигини, давлат бошқаруви тизими, ижтимоий-иқтисодий ҳамда суд-ҳуқуқ соҳаларини ислоҳ қилиш бўйича қонун ҳужжатлари нормаларининг бир хил қўлланилишини таъминлаш, эксперт-ҳуқуқий таъминлашнинг таъсирчан механизмларини яратиш, олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши учун барча даражадаги раҳбарларнинг ҳаракатларини бирлаштириш ва шахсий масъулиятини ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизмати негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш хизмати ташкил этилсин.

2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш хизматининг (кейинги ўринларда Хизмат деб юритилади) асосий вазифалари этиб белгилансин:

давлат бошқаруви тизими, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳаракатларини бирлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқий масалалар бўйича фаолиятини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги конституциявий ваколатларини амалга оширишга кўмаклашиш;

Парламент, сиёсий партиялар, сайлов комиссиялари, давлат ҳокимияти маҳаллий вакиллик органлари билан самарали ҳамкорликни ташкил этиш;

давлат бошқаруви тизимининг самарали фаолият юритишига, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги ислоҳотларнинг тўлиқ амалга оширилишига, қонунларнинг сўзсиз ижро этилишига тўсқинлик қилувчи, шунингдек, расмиятчилик, сансалорлик ҳамда коррупция кўринишлари учун шарт-шароит яратувчи тизимли муаммолар ва камчиликларни, ҳуқуқий бўшлиқларни аниқлаш;

давлат бошқаруви тизимини, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини ислоҳ қилиш бўйича илғор хорижий тажрибани комплекс таҳлил қилиш ҳамда уни татбиқ этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, судлар фаолиятида ҳуқуқий тартибга солишнинг тизимлилиги ва барқарорлигини, бир хил ва тўғри ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат бошқаруви тизими, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини ислоҳ қилиш бўйича қарорларининг ижроси устидан тизимли мониторинг ҳамда назоратни амалга ошириш;

Ҳукуматнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, унинг ижро этувчи аппаратини оптималлаштириш, вазирликларнинг ишониб топширилган соҳалар учун масъуллигини кучайтириш, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида ваколатлар ва жавобгарлик соҳаларини аниқ белгилаб бериш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини таҳлил қилиш, уларнинг жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш, ҳудудларда ислоҳотлар стратегиясини амалга ошириш борасидаги жавобгарлиги ва мустақиллигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, унинг фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашдаги ролини ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

адлия, прокуратура ва ички ишлар органларининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш борасидаги фаолиятини такомиллаштириш ва мувофиқлаштириш, улар фаолиятини тизимли таҳлил ва мониторинг қилиш;

судлар, адлия, прокуратура ва ички ишлар органларида кадрларга оид давлат сиёсати олиб борилишини таъминлаш, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президентини мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартибот, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳолати тўғрисида хабардор қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги, сиёсий бошпана бериш, шунингдек, амнистия актини қўллаш ва Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этиш масалалари бўйича конституциявий ваколатлари амалга оширишини таъминлаш.

3. Хизматга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан статистик, таҳлилий ва бошқа маълумотларни, жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат бошқаруви тизими, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини ислоҳ қилиш бўйича қарорлари ижросига оид маълумотларни сўраб олиш;

давлат бошқаруви тизимининг самарали фаолият юритишига, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги ислоҳотларнинг тўлиқ амалга оширилишига тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш, тизимли камчиликларни бартараф этиш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ёки бошқа ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда амалдагиларини қайта кўриб чиқиш бўйича кўрилиши мажбурий бўлган таклифлар киритиш;

республика давлат бошқаруви органлари ва ҳокимларнинг қонун ҳужжатларига, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига номувофиқ бўлган, жумладан индивидуал имтиёз ва преференциялар беришни назарда тутувчи ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ҳамда бекор қилиш тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун киритиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг ташкилий-штат тузилмаларини қайта кўриб чиқиш ҳамда оптималлаштириш, расмиятчилик, сансалорлик, сарф-харажатлар ва коррупция кўринишларининг кўпайишига олиб келувчи ортиқча маъмурий тартиб-таомилларни бартараф этиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларининг ижро этилмаганлиги ҳолатлари бўйича материалларни айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун давлат органларига, жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга киритиш.

4. Белгилаб қўйилсинки:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун фақат Хизмат томонидан киритилади, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппаратининг ваколатига тааллуқли масалалар бўйича ҳужжатлар бундан мустасно. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати томонидан киритиладиган лойиҳалар Хизмат билан мажбурий равишда келишилади;

ҳукумат қарорлари (индивидуал қарорлардан ташқари) лойиҳалари Хизмат билан мажбурий равишда келишилади;

умуммажбурий кўрсатмалар, жумладан индивидуал имтиёз ва преференциялар беришни назарда тутувчи кўрсатмаларни ўз ичига олган ҳукумат ва идоравий баённома қарорлари, ёзма топшириқларни қабул қилишга йўл қўйилмайди;

ҳукумат баённома қарорлари лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида мажбурий тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши ва улар имзоланганидан кейин ҳисобга олиниши шарт;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги «Давлат органларининг эксперт-таҳлил фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3628-сон қарорига мувофиқ давлат органларида ташкил этиладиган доимий фаолият юритувчи эксперт-таҳлил гуруҳларининг ишини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш Хизмат томонидан амалга оширилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти бўшатилаётган 35 нафар штат бирлиги, Институт томонидан амалга оширилаётган ва мувофиқлаштирилаётган лойиҳалар, шунингдек, Институт балансида бўлган мол-мулк ва бошқа товар-моддий қимматликлар Хизматга ўтказилган ҳолда тугатилсин.

6. Белгилаб қўйилсинки, Хизмат зиммасига юклатилган вазифаларни амалга оширишда қуйидаги идоралар:

а) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан, жумладан:

тегишли соҳалардаги аҳволни биргаликда ўрганиш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий соҳани ислоҳ қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини мониторинг қилиш;

ижтимоий-иқтисодий соҳани ислоҳ қилишнинг долзарб йўналишлари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашни ташаббус қилиш ва уларни ишлаб чиқиш;

ривожланган хорижий давлатларнинг тажрибасини ҳамкорликда ўрганишни, тегишли соҳаларда хорижий (халқаро) ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига илғор хорижий тажрибани киритиш ҳамда ташкилотларнинг тавсияларини амалда рўёбга чиқариш бўйича таклифлар тайёрлашни ташкил этиш;

етакчи мутахассис (консультант)ларни, жумладан хорижий мутахассис (консультант)ларни ҳамкорликдаги ишларга жалб этиш орқали;

б) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан, жумладан:

жойлардаги аҳволни танқидий ўрганишни, қабул қилинаётган қарорларнинг самарали амалга оширилишига тўсқинлик қилувчи тизимли муаммолар ва камчиликларни аниқлашни ташкил этиш, шунингдек, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш;

қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг айниқса, жойларда сўзсиз ижро этилишини ва ушбу ҳужжатлар амалга оширилишининг сифати, муддати ҳамда самарадорлиги устидан таъсирчан назоратни ташкил қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали яқиндан ҳамкорлик қилади.

7. Хизмат:

бир ҳафта муддатда Хизматнинг тузилмаси, унинг Низоми ва штат жадвали тасдиқланишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси, шунингдек, Хизматнинг масъул ходимлари лавозимларига номзодлар бўйича таклифлар;

Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда Ҳукуматнинг сифат жиҳатидан янги, замонавий ва самарали фаолият юритувчи тизимини ташкил этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасининг, жумладан унинг ижро этувчи аппаратини оптималлаштириш, вазирликлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ишониб топширилган соҳалар учун масъуллиги ва мустақиллигини кучайтириш, шунингдек, қарорлар қабул қилишда ваколатлар ҳамда мутасадди бўлган соҳаларни аниқ белгилаб беришни назарда тутган ҳолда, киритилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари иштирокида катта маблағ ва ресурсларни жалб қиладиган, асоссиз ҳамда самараси паст йиғилишлар ва мажлислар ўтказишга йўл қўймаслик тўғрисида қатъий огоҳлантирилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага* мувофиқ ўзгартишлар ва қўшимча киритилсин.

* Илова рус тилидаги матнда берилган.

10. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Р. Иноятов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М. Садиков зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                      Ш. МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент ш.,

2018 йил 3 апрель,

ПФ-5395-сон

 

 


Киритилган вақти: 11/05/2018 08:54 Кўрилганлиги: 165
 

    Сайтдаги интерактив хизматлар кай даражада?

 
 
Ҳозир онлайн
Руйхатдан утганлар: 1
Мехмонлар:
 
Белгиланган матнни укиш учун ушбу тугмани босинг